Янгиликлар

Исроил ривожланишининг уч устунини Ўзбекистонда қуриш имкониятлари муҳокама қилинди

Инновацион ривожланиш вазирлигида Исроилнинг компаниясининг ижрочи директори Ротем Ганц (Rotem Ganz) ва Исроил Ўзбек савдо палатасининг Бош директори Сари Цви (Sari Zvi) билан учрашув бўлиб ўтди. Меҳмонларни Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов, вазир ўринбосари Йўлбарсхон Мансуров қабул қилди, йиғилишда вазирликнинг бошқа масъул ходимлари ҳам иштирок этди.

“TecTum” компанияси тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида кичик ва ўрта бизнес эҳтиёжларини, муаммоларни ва технологик камчиликларни инобатга олган ҳолда муниципал ва маҳаллий шериклар билан ҳамкорлик қилади.

Компания технологик таҳлил ва тадқиқотлардан фойдаланиб, бизнеснинг энг муҳим эҳтиёжларини белгиловчи ўсиш секторларини яратиш учун экотизимнинг энг муҳим иштирокчилари, жумладан, маҳаллий ва федерал ҳукумат вакиллари, нотижорат ташкилотлари билан биргаликда ўз фаолиятини олиб боради.

Кўп йиллар давомида компания Исроил экотизимининг уч устунини ­­­­­­­­­˗ методология, технология, инфратузилмани аниқлаш бўйича тадқиқотлар ўтказиб келмоқда. Эндиликда эса уларни бошқа давлатларга ҳам татбиқ этиш орқали мамлакатлараро муносабатларни янада мустаҳкамлашга киришмоқда.

˗ Исроил билан Ўзбекистоннинг ўхшаш томонлари бисёр, ­ ˗ деди Ротем Ганц. ˗ Дейлик, бизда ҳам, сизнинг юртингизда ҳам сув танқислиги мавжуд. Шу билан бирга ҳамиша навқирон халқимиз бор. Исроил жуда қисқа муддатларда технологиялар орқали ўз иқтисодини тиклаб олди, дунёдаги инновацияларни турли соҳаларга татбиқ қилиш орқали ривожланган мамлакатлар қаторига қўйилди. Ўйлайманки, Ўзбекистонга ҳам Исроил тажрибасини жорий қилиш орқали турли соҳаларда муваффақиятларга эришиш мумкин. Исроиллик инвесторларни Ўзбекистондаги муайян соҳа вакиллари билан ҳамкорлиги, ривожланган мамлакатларда ижобий натижалар берган технологияларни трансфер қилиш орқали юртингиз ривожланишига ҳисса қўшишга умид қиламиз.

Музокаралар давомида республикамиз қишлоқ хўжалиги ва саноатидаги мавжуд муаммоларни исроиллик компания вакиллари иштирокида ҳал қилиш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг унумдорлигини, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш мақсадида мавжуд камчиликлар, муаммоларни аниқлаш, уларни таҳлил қилиш ва уларни ечишнинг қадамма-қадам режасини ишлаб чиқиш зарурияти бугунги кун талаби эканлиги қайд этилди.

 

Инновацион ривожланиш вазирлиги

Матбуот хизмати