Янгиликлар

Илк Ўзбекистон–Беларусь илмий-техник лойиҳалар танлови натижалари эълон қилинди

22 май куни Инновацион ривожланиш вазирлигида Ўзбекистон–Беларусь ҳамкорлиги доирасида бажарилиши 2019-2020 йилларга мўлжалланган илмий-техник лойиҳалар танлови натижалари бўйича молиялаштиришга тавсия этилган 15 та лойиҳа муаллифларига сертификатлар топширилди.

Белорусь Республикаси Президентининг ўтган йили сентябрь ойидаги мамлакатимизга расмий ташрифи доирасида Тошкент шаҳрида Фан ва технологиялар соҳасида ҳамкорлик тўғрисида имзоланган Битимга биноан Беларусь Республикаси Фан ва технологиялар қўмитаси билан келишилган ҳолда илмий-техник лойиҳалар танлови эълон қилинган бўлиб, Ўзбекистон–Беларусь ҳамкорлигида ўтказилган илмий-техник лойиҳалар танловига жами 34 та лойиҳа келиб тушди. Ўз навбатида Беларусь томондаги ҳамкор ташкилотлардан айрим мавзулар бўйича танловга лойиҳалар топширилмаганлиги туфайли 9 та лойиҳа танловдан четлаштирилди. 25 та илмий-техник лойиҳа Илмий-техник кенгашларда экспертизадан ўтказилди.

Инновацион ривожланиш вазирлиги делегациясининг 2019 йил 8-11 апрель кунлари Беларусь Республикасига хизмат сафари давомида Беларусь Фан ва технологиялар қўмитаси билан молиялаштиришга тавсия этилган лойиҳалар бўйича музокаралар олиб борилди ва 15 та лойиҳани молиялаштириш бўйича келишувга эришилди.

 Ўзбекистон-Беларусь ҳамкорлиги доирасида бажарилиши 2019-2020 йилларга мўлжалланган илмий-техник лойиҳалар танлови натижалари бўйича молиялаштиришга тавсия қилинган илмий-техник лойиҳалар рўйхати