Янгиликлар

Нукусда иқтисодиётнинг реал сектори ва олий таълим муассасаларининг синергетик интеграцияси мавзусида форсайт ўтказилди

 

16 апрель куни Нукус шаҳридаги «Ёшлар уйи»да Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан “Ўзбекистон 2030: Иқтисодиётнинг реал сектори ва олий таълим муассасаларининг синергетик интеграцияси” мавзусида форсайт ташкил этилди.

Тадбирни Қорақалпоғистон Республикаси  Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари Муратбай Жуманов очиб берди.Унинг таъкидлашича, мазкур тадбир Қорақалпоғистонда фаолият юритаётган олий таълим муассасаларининг фаолиятини янада фаоллаштиришга хизмат қилиб, форсайтда билдирилган фикрлар ОТМ билан иқтисодиётнинг реал сектори ўртасида ришталарни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Азимжон Назаров “2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегияси”да республикамизнинг халқаро майдонда рақобатбардошлилик даражасини ва инновацион жиҳатдан тараққий этганини белгиловчи асосий омил сифатида инсон капиталини ривожлантириш белгиланганлигини таъкидларкан, юртимизда аҳолининг олий таълим билан қамрови пастлиги, ОТМ битирувчилари ўз мутахассисликлари бўйича фаолият юритмаётгани, талабаларнинг билимлари амалиёт билан боғлиқ эмаслиги ҳақида сўзлади.

Тадбирнинг панел муҳокама қисмига Инновацион ривожланиш вазирлиги вакили Одилжон Абдураззаков модераторлик қилди. Панель муҳокамада Ажиниёз номидани Нукус давлат педагогика институти ректори Байрам Утемуратов, Қўнғирот сода заводи ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи Бегдуллаев Ахмет Кобейсинович, “PANAEV FARMS” хусусий фирмаси директори ўринбосари Панаев Тимур Кутлымуратович иштирок этди.

- Ҳозирда турли соҳаларда янгидан янги мутахассисларга талаб ошган, - деди Б. Утемуратов. – Лекин, афсуски, талабаларга замонавий билимлар бера олувчи малакали, барча талабларга жавоб берувчи профессор-ўқитувчилар кам. Кадрлар яратиш учун кадрлар керак!

- Бугунги кунда битта талабани хорижда ўқитиб, мутахассис тайёрлаш учун бир талаба учун ўртача 450 минг АҚШ доллари сарфланади, - деди О. Абдураззоқов. - Талаба ўқиб қайтиб келгунича яна тўрт йил кутиш талаб этилади. Ҳозирда хориж университетларида таълим бераётган юртдошларимиз учун етарли шароит яратиб бериш, модлий-техник базани мустаҳкамлаш каби амаллар ҳақида ҳам ўйлаб кўришимиз керак. Бугунги талабалардан малакали мутахассис етишиб чиқишининг бош омили уларга таълим берадиган ўқитувчилар малакасининг юқори бўлишидир.

Шу ўринда панель муҳокамасида иштирок этган ёш тадбиркор, 23 ёшли  Т. Панаевнинг тажрибаси тадбир иштирокчиларида қизиқиш уйғотди.

- Мен кимё технологиялари коллежини битирганимдан сўнг, ОТМда ўқиш ёки хорижда тажриба орттиририш танлови олдида қолдим ва отамнинг маслаҳатлари билан иккинчи йўлни танладим. Аввал Италияга бориб, уларнинг фермерлари билан танишиб, уларнинг ҳаёт тарзи, қандай ишлашлари билан танишдим. Оддий ишчи бўлиб фермада бепул ишладим. Мақсадим уларнинг хўжалик юритиш сирларини ўрганиш эди. Италиялик фермерлар асосан пишлоқ тайёрлашади, зайтун мойи олишади ва вино чиқаришади. Мен пишлоқ тайёрлашнинг сир-синоати билан танишдим. 15 хил пишлоқ тайёрлашни биламан ҳозир. Кейин худди шундай Россияда тажриба орттирдим. Ҳозирда 200 та қорамолим бор, кунига 300 литр сутни қайта ишлаймиз, 37 нафар ходим ишлайди. Бизнинг ҳозирги муаммоларимиздан каттаси хориждан келтирилган қорамолларимизни озуқалантириш, уларнинг рационини ишлаб чиқишдир. Айнан шу масалада олимлариизнинг, мутахассисларнинг кўмаги керак.

- Корхонамиздаги энг катта муаммолардан бири бу чиқиндиларни қайта ишлашдир, - деди А. Бегдуллаев. - Шу муаммони ҳал этиш учун ҳозирда биз билан ҳамкорликда тадқиқотчилар ишлашяпти. Ишлаб чиқарувчи сифатида корхонага фойда келтирадиган тадқиқотларни ҳамиша қўллаб-қувватлашга тайёрмиз. Сўнгги икки йил ичида олган даромадимиздан бир фоизни айнан тадқиқотлар учун ажратишимиз белгиланган ҳам.