Янгиликлар

Мўйноқда ёш биологлар мактаб ўрмонлари яратишади

 

Инновацион ривожланиш вазирлигининг Қорақалпоғистонга ташрифи якуни бўйича Мўйноқдаги ўқув маскани ёш биологларига алоҳида имкониятлар яратилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация марказининг Мўйноқ филиалида мактаб ўқувчилари учун ёш биологлар тажриба участкасини ташкил этиш ва ушбу ер майдонида ўқувчиларга бошланғич амалий экологик таълим беришни йўлга қўйиш юзасидан уч томонлама келишув Меморандуми тузилди.

Ушбу лойиҳада иштирок этаётган Тошкент шаҳридаги “Ecomaktab” экология-ресурс маркази ўқувчилар учун ўқув дастурларини тузиш, “Мактаб ўрмонлари” лойиҳасини қўллаб-қувватлаш, экологик билим ва маданиятни оширишга қаратилган ҳамкорликдаги тадбирлар учун эксперт-методик ёрдам кўрсатишда иштирок этади.

Мўйноқ туманидаги 7-сонли ўрта мактаб ўқувчилари учун Оролбўйи халқаро инновация марказининг илмий-ишлаб чиқариш участкасида ер майдони ажратилган бўлиб, ўқувчиларга олиб борилаётган лаборатория тадқиқотлари бўйича маълумотлар берилади, инновацион йўналишдаги тадбирлар билан таништириб борилади, амалий машғулотларни ўтказиш имкониятлари яратилади.

Ушбу ҳамкорлик ёшларни илм-фанга қизиқишларини ошишига хизмат қилади, ҳудуднинг экологик ҳолатини ижобий томонга ўзгартириш учун замонавий технологиялар, янги билимлардан фойдаланишда муҳим аҳамиятга эга бўлади.