Янгиликлар

Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан жами 95 та лойиҳа 78,6 млрд. сўмга молиялаштиришга тавсия этилди

 

Жорий йилнинг 13 июнь куни “Тараққиёт стратегияси” марказида “Давлат илмий-техника дастурлари доирасида илмий лойиҳаларни танлаш, саралаб олиш, мониторинг қилиш ва ҳисобини юритишнинг яхлит тизимини жорий этиш” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг 2019—2021 йиллардаги Инновацион ривожлантириш стратегиясига кўра илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларига сарфланадиган давлат харажатларини кўпайтиришни назарда тутилган. Бу харажатлар ўз навбатида юртимиз тараққиётига нафи тегадиган, аҳоли фаровонлиги ва халқимиз турмуш тарзини яхшилашга хизмат қиладиган маҳсулотлар, технологиялар кўринишида давлатга фойда олиб келиши лозим. Ўз навбатида, илмий-тадқиқот натижаларини тижоратлаштиришдан келадиган фойда олимларнинг ҳам молиявий аҳволига ижодий таъсир кўрсатиб, келгусида уларнинг илмий изланишлар билан янада чуқур шуғулланишларига замин яратиши керак.

Инновацион ривожланиш вазирлиги амалий илмий-техник лойиҳалар, инновацион ишланмалар ҳамда долзарб тематик тадқиқотлар танловларини эълон қилгач, ҳар бир йўналиш бўйича танловга келиб тушган лойиҳалар вазирлик ҳузуридаги Илмий-техник кенгашлар томонидан экспертизадан ўтказилмоқда. Топширилган лойиҳалардаги маълумотларнинг ҳақиқийлиги ва ишончлилиги, натижадорлиги, тижоратлаштириш даражаси, танлов дастурлари вазифаларида белгиланган вазифаларга мослиги, ижрочиларнинг илмий-техник салоҳияти, ижрочи ташкилотда моддий-техник база мавжудлиги ва бошқа мезонлар ўрганилиб, тегишли қарорлар қабул қилинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларига инновацияларни жорий этиш механизмларини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарорида амалий ва инновацион тадқиқотларнинг долзарб йўналишлари бўйича мавзуга оид грантлар бериш юзасидан мунтазам равишда танловлар эълон қилиб бориш вазифаси юклатилган.

Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида Давлат илмий-техника дастурлари доирасида бажарилиши 2019-2020 йилларга мўлжалланган инновацион ҳамда 2019-2021 йилларга мўлжалланган амалий лойиҳалар бўйича танловнинг I-XI турларида 16 та фан йўналишлари бўйича умумий ҳажми 89 млрд. сўмга тенг бўлган 176 та тематик лойиҳалар танлови эълон қилинган.

Ҳозирги кунда битта лойиҳанинг ўртача қиймати йиллик 505,0 млн. сўмдан юқори бўлиб, 1 июнь ҳолатига битта лойиҳани молиялаштириш ҳажмининг ўртача қиймати аввалги йилларда лойиҳаларга берилган маблағларга нисбатан 3,3 маротабага ошишига эришилди. Ушбу кўрсаткични жорий йилнинг охирига бориб ҳар бир лойиҳа бўйича ўртача 530,0 млн. сўмга етказиш, яъни 3,5 баробарга оширишга эришилади.

Ҳозирги кунда эълон қилинган I-VII турлари бўйича лойиҳалар танловлари якунига етказилди. Танлов натижасида жами 45 та амалий ва инновацион лойиҳа танлаб олинди ва уларни молиялаштириш учун 45,9 млрд. сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 майдаги “Иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларига инновацияларни жорий этиш механизмларини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3698-сон қарорига асосан устувор инновацион, илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик, “стартап” лойиҳаларини ўз харажатларини ўзи қоплаш асосида молиялаштириш учун Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармасига 50,0 млрд. сўм бюджет маблағлари ажратилган.

Қарор ижросини таъминлаш мақсадида устувор инновацион, илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик, “стартап” лойиҳаларини ўз харажатларини ўзи қоплаш асосида молиялаштириш учун биринчи танлов ўтказилди. Танлов якунига кўра жами 23 та лойиҳалар 18,1 млрд. сўмга молиялаштиришга тавсия этилди.

Шунингдек Халқаро илмий-техник ҳамкорлик доирасида жами 21 та лойиҳа 8,0 млрд сўмга шундан: Ўзбекистон –Беларусь ўртасида бажарилиши 2019-2021 йилларга мўлжалланган 15 та лойиҳа 7,3 млрд сўмга, Ўзбекистон - Германия ўртасида жами 6 та 0,6 млрд. сўмлик лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга иқтисодий-ижтимоий масалалар ечимига қаратилган 6 та мақсадли лойиҳалар 6,6 млрд. сўмга молиялаштирилмоқда.

Ҳозирги кунга қадар юқорида қайд этилган жами 95 та лойиҳа 78,6 млрд. сўмга молиялаштиришга тавсия этилди.