Янгиликлар

Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлиги Корея Республикаси Илм-фан ва ахборот коммуникация технологиялари вазирлиги билан меморандум имзолади

 

19 апрель куни Корея Республикаси Президенти Мун Чже Иннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов ҳамда Корея Республикаси Илм-фан ва ахборот коммуникация технологиялари вазири Ю Ёнг Мин илм-фан, технологиялар ва инновация соҳаларида ҳамкорлик бўйича Ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоладилар.

 

Ўзбекистон кўплаб хорижий мамлакатлар билан амалий ўзаро ҳамкорликни фаол ривожлантирмоқда. Бунда юқори иқтисодий, илмий-техник, инновацион ва интеллектуал имкониятларга эга бўлган Корея Республикаси билан илмий-техник ва инновацион ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилмоқда.

 

2018 йили Корея Республикаси ялпи ички маҳсулотнинг 4,24 фоизини, яъни 79,4 млрд. АҚШ доллари миқдоридаги маблағни илм-фан соҳасига сарфлаб, дунёда илм-фанга энг кўп эътибор берувчи мамлакатлар ичида 2-ўрини эгаллади. Шуларни инобатга олган ҳолда мазкур мамлакат билан инновация соҳасида самарали муносабатларни ўрнатиш ўта муҳимдир.

 

Ўтган йилларда Ўзбекистон ва Корея илмий жамоатчилиги ўртасидаги илмий-техник алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида Корея ривожланиш институти, Корея илмий-техник ахборот институти, Корея политехника университети, Корея илм-фан ва техника жамғармаси ва муассасалар билан қатор илмий-тадқиқот ишлар бажарилган.

 

Илмий-техник ҳамкорлик доирасида қайта тикланувчи ва муқобил энергия манбалари, соғлиқни сақлаш, физика-кимё, ахборот ва коммуникация, ишлаб чиқариш технологиялари, қишлоқ хўжалиги соҳаларида ҳамкорликдаги илмий-тадқиқот лойиҳалари амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳалар ўзбек олимларининг илмий тадқиқот ишларига Корея инвестицияларини жалб этиш, Корея илмий лабораторияларининг асбоб-ускуналари ва материалларидан фойдаланишга, шунингдек халқаро илмий журналларида мақолаларини чоп этишга хизмат қилади.

 

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Корея Республикаси Илм-фан ва ахборот коммуникация технологиялари вазирлиги ўртасида ҳамкорликнинг ўрнатилиши икки мамлакат илмий жамоатчилиги ўртасидаги ҳамкорликнинг самарали ривожланишига туртки бўлади.