Янгиликлар

Инновацион ривожланиш вазирлиги Туркиянинг ТИКА ваколатхонаси билан ҳамкорликни йўлга қўймоқда


Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг Давлат ва жамият қурилишига инновацияларни жорий қилиш ҳамда тадқиқ этиш бошқармаси мутахассислари ҳамда Туркиянинг Ўзбекистондаги ТИКА ваколатхонасининг раҳбари Али Исхан Чағлар ўртасида ижтимоий йўналишда ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида учрашув бўлиб ўтди.

Музокаралар давомида Ўзбекистонда ижтимоий соҳада инновацияларни жорий этиш мақсадида ижтимоий тадқиқотларни ҳамкорликда ўтказиш, Туркиянинг инновацион тажрибасини татбиқ этиш ҳамда Олий таълим муассасаларининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректорларининг малакасини ошириш борасида семинарларни ташкил этиш юзасидан Туркиянинг Ўзбекистондаги ТИКА ваколатхонаси билан келишиб олинди.

Али Исхан Чағлар турк мутахассисларини республикамизнинг барча соҳаларини ривожлантириш мақсадида жалб этишга кўмак беришга тайёр эканини билдирди.

Туркия Республикаси Бош вазири Аппарати ҳузуридаги Ҳамкорлик ва ривожланиш бўйича бошқармаси (ТИКА) ривожланаётган мамлакатларга кўмак бериш ҳамда уларга иқтисодиёт, савдо, илмий-техник, маданият, таълим ва ижтимоий соҳаларда муносабатларни ўрнатиш мақсадида 1992 йили ташкил этилган бўлиб, 20 та мамлакатда 23 та мувофиқлаштирувчи идоралари фаолият юритмоқда.

Техник кўмак тақдим этиш ва ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалга оширишда ТИКА мамлакатларнинг миллий қадриятлари, ижтимоий ва маданий хусусиятларига алоҳида эътибор қаратади, уларнинг тажрибасига таянади. Айниқса, инсон капиталини ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар ТИКАнинг диққат марказида туради. Умуман олганда, ТИКА бошқармаси томонидан амалга оширилаётган лойиҳаларни икки турга ажратиш мумкин. Булар ­ техник кўмак ва ҳамкорликдир. Техник кўмак тренинг-дастурлар, асбоб-ускуналар, мутахассисларнинг хизматларни ўз ичига олувчи ижтимоий, молиявий лойиҳалардан иборат.