Янгиликлар

Инновацион ривожланиш вазирининг қозоғистонлик халқаро маслаҳатчиси илмий ишланмаларни тижоратлаштиришнинг янги механизмини жорий этишни таклиф қилди

 
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан Қозоғистон Республикаси билан ҳамкорлик доирасида қозоғистонлик эксперт – Ербол Сулейменов халқаро маслаҳатчи сифатида жалб этилган. У илмий ишланмаларни тижоратлаштириш бўйича лойиҳаларни молиялаштиришда Жаҳон банки билан муносабатлар ўрнатилишига доир ишларга масъулдир.
 
Ўзбекистон республикаси инновацион ривожланиш йўлига ўтиб, 2019–2021 йиллардаги инновацион ривожланиш стратегиясига кўра 2030 йилда Глобал инновацион индексда 50 та илғор мамлакатлар қаторида бўлишни ўз олдига мақсад қилган.
 
– Инновацион ривожланишнинг асоси юқори илмий-техник потенциалга эга бўлишдир, – дейди Е. Сулейменов. – Бу илмий-техник салоҳият рақобатбардош бўлиши ҳамда янги билимлар ва ишланмаларни ўзида мужассамлаштирган халқаро тизимга боғлиқ бўлиши керак. Бугунги кунда Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлиги илм-фан ва инновацияларни бошқаришнинг халқаро стандартларга мос янги тизимини шакллантириш бўйича ишларни амалга оширмоқда.
 
Халқаро тажрибани жорий этиш, молиявий ресурсларни жалб этиш мақсадида бугунги кунда Жаҳон банки ва вазирлик ўртасида ҳамкорликнинг асосий йўналишларини белгилаш ҳамда лойиҳани амалга ошириш механизмларини ишлаб чиқиш бўйича ишлар бошланган. Лойиҳанинг мақсади илмий натижалари ва тадқиқотларнинг тижорий аҳамиятини ошириш бўлиб, бунда олимлар томонидан олиб бориладиган илмий тадқиқотлар шаффоф танлов асосида танлаб олинади.
 
Лойиҳа илмий-тадқиқот базасининг алоҳида сегментларини қайта тиклаш, мустаҳкамлаш ва қайта тузишга кўмак беради, бу ўз навбатида янгиланган илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини миллий ва халқаро технологиялар бозори билан боғлаш имкониятини беради. Яъни, Стратегияда қўйилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда лойиҳа доирасида ҳозирда мавжуд илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишлар базасини ислоҳ қилиниши рағбатлантирилади. Натижада Ўзбекистонда рақобатбардош, соҳалараро, муаммоларга йўналтирилган инновацион, иқтисодий аҳамиятга молик илмий тадқиқотларни молиялаштиришнинг халқаро экспертлар томонидан тан олинадиган модели ишлаб чиқилади. Шунингдек, ёш иқтидорли олимлар юртимизнинг ва хорижий етакчи олимлари раҳбарлигида замонавий илмий лабораторияларда илмий тадқиқотларни амалга ошириш имкониятига эга бўлишлари кутилмоқда.