Янгиликлар

Корея Республикаси Президенти Тошкентга келди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Ин 18 апрель куни давлат ташрифи билан мамлакатимизга келди.

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов кутиб олди.  

Бугун Корея Республикаси Президенти Ўзбекистон Бош вазири ҳамроҳлигида Тошкент шаҳридаги Инҳа университетига ташриф буюриб, мамлакатларимиз ҳамкорлигида амалга оширилиши режалаштирилган телемедицина лойиҳаси тақдимоти билан танишади.

Ўзбекистон ва Жанубий Корея Президентларининг музокаралари 19 апрель куни Кўксаройда бўлиб ўтади. Унда савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техник ва гуманитар соҳалардаги амалий ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинади.  

Имзолаш учун салмоқли ҳужжатлар тўплами тайёрланган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республикаси ўртасида алоҳида стратегик шериклик тўғрисидаги декларацияни қабул қилиш режалаштирилган.