Янгиликлар

Ҳамюртларимиз GIST Tech-I-2019 танлови финалига чиқди

 

Сайтимизда аввал ёзганимиздек, АҚШ Давлат департаменти 2019 йил учун “Илм-фан ва технолoгиялар, соҳaсида глобал инновациялар, технологик ғоялар” (GIST Tech-I) танловини элон қилган. Ҳар йили ўтказиладиган мазкур танлов бутун дунёдаги иқтисодиёти ривожланаётган мамлакатлардаги илм-фан ва технолгияларга алоқаси бор тадбиркорларни бирлаштиради.

Танлов иштирокчилари онлайн режимида ўз ғоялари ва стартаплари бўйича ариза берадилар, сўнг улар экспертлар томонидан ўрганилиб, финалчиларни аниқлаш учун умумий овозга қўйилади. Яримфиналчилар ўз видео-тэгларини тармоқда жойлаштириб, хоҳловчилар уларга овоз беришди. Эслатиб ўтамиз, бизнинг ҳамюртларимиз қайта тикланадиган энергетика йўналишида эркин оқимли кичик ГЭС барпо этиш бўйича грантга ариза топширишди ва мазкур лойиҳа танлов ярим финалига ўтди. Овоз бериш натижаларига кўра эса улар финалга чиқишди ва Бахрайндаги Тадбиркорлар халқаро конгресси-2019 (GEC)да ўз лойиҳаларини намойиш этишди.

GIST танловидаги совринли ўринларни Кения, Уганда, Покистон, Гана, Монголия, Эквадор вакиллари эгаллади. Ундан ташқари, танловнинг барча финалчилари рағбатлантирувчи совғаларга эга бўлди.

Танлов доирасида Ўзбекистондан борган жамоа тадбиркорлик ва менежмент бўйича тренинг-семинарда иштирок этиб, энди келажакда мазкур танловда иштирок этмоқчи бўлган жамоалар билан тажриба алмашишга тайёр эканликларини билдиришди.

GIST Tech-I-2019 га Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи вакиллари ҳам ташриф буюриб, конгрессда фаол иштирок этишди.