Янгиликлар

INNOWOMENWEEK: Инновацияларда хотин-қизлар

 

Жорий йилнинг 13-18 май кунлари Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамкорлигида мамлакатимиз хотин-қизларининг инновацион ғоялари, лойиҳа ва ишланмаларини тадбиқ этишда ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, иқтисодиётнинг турли тармоқларида меҳнат қилаётган хотин-қизларнинг фаолиятларига инновацион ёндашувини жорий этиш мақсадида “INNOWOMENWEEK” хотин-қизларнинг инновация ҳафталиги ўтказилди.

Ҳафталик доирасида 13-14 май кунлари Тошкент давлат аграр университетида “AGROWOMENUZ” мавзусидаги форум ва кўргазма, 15-16 май кунлари Тошкент шаҳридаги Инҳа Университетида “TECHNOWOMENUZ” мавзу­сидаги форум ва ўқув- семинарлар ва 17-18 май кунлари Тошкент педиатрия тиббиёт институтида “MEDICALWOMENUZ” мавзусидаги форум, кўргазма ва ўқув-семинарлар бўлиб ўтди. 

14 май куни Тошкент давлат аграр университетида “AGROWOMENUZ” мавзусидаги форумнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Шунингдек, “INNOWOMENWEEK” ҳафталиги иштирокчиларининг ишланма­лари, макет ва инновацион маҳсулотлари кўргазмаси ташкил қилинди.

Айтиб ўтиш жоиз, “INNOWOMENWEEK” хотин-қизларнинг инновация ҳафталигида иқтисодиётнинг турли тармоқларида меҳнат қилаётган 700 нафардан ортиқ хотин-қизлар иштирок этди.

Тошкент шаҳридаги Инҳа Университетида Инновацион ривожланиш вазирлиги бошқарма бошлиғи О.Туйчиев, Вазирлик ҳузуридаги Юқори технологиялар маркази раҳбари Ш.Турдиқулова ва “Илм-фан ва илмий-техник тадқиқотларни ривожлантириш бошқармаси”нинг бош мутахассиси Ш.Курбоновлар иштирокида ўқув-семинар ўтказилди. Унда илмий тадқиқот ишлари билан шуғулланаётган иқтидорли хотин-қизларга Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан эълон қилинадиган фундаментал, амалий ва инновацион лойиҳалар танловларида иштирок этиш учун лойиҳаларни тайёрлаш бўйича маълумот берилди.

Тошкент педиатрия тиббиёт институтида 17-18 май кунлари бўлиб ўтган “MEDICALWOMENUZ” форумида хотин-қизларнинг тиббиёт ва фармацевтика соҳаларида эришаётган ютуқларини таҳлил қилиш, соҳадаги янгиликлар, инновацион техника ва технологиялардан хабардорлигини ошириш бўйича Инновацион ривожланиш вазирлиги бошқарма бошлиғи Б.Худанов маъруза-презентация билан иштирок этди. Шунингдек, тиббиёт ва фармацевтика соҳасидаги ютуқлар, ишлаб чиқарилаётган инновацион маҳсулотлар ва техника-технологиялар кўргазмаси ҳам ташкил қилинди.

Иқтидорли хотин-қизларни  тегишли соҳа  корхоналарининг илмий, техник ва технологик муаммолари бўйича олинган  патентлари асосида инновацион лойиҳаларини тайёрлаб, Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда бошқа ташкилотлар томонидан ўтказиладиган танловларда қатнашишлари бўйича ташкилий ишлар амалга оширилади. Шунингдек, иқтидорли хотин-қизларни ўз лойиҳалари билан халқаро танловларда қатнашишлари бўйича ҳам мақсадли ишларни амалга ошириш кўзда тутилган.