Янгиликлар

Инновацион ривожланиш вазирлигида турк инвесторлари билан учрашув бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 7 июнь куни Инновацион ривожланиш вазирининг биринчи ўринбосари Шароф Ражаббоев Туркиянинг “Mir Holding” компанияси бошқарув кенгаши раиси Иброҳим Мирмаҳмудўғиллари раҳбарлигидаги делегацияни қабул қилди. Ўзбекистонга турк компаниялари ва инвесторларини жалб этиш, уларнинг илм-фан натижаларини тижоратлаштириш тажрибасини ўрганишга қаратилган учрашув дўстона руҳда ўтди.

 

Таъкидлаш жоизки, компания 1987 ташкил этилган бўлиб, у Туркияда тадқиқотлар ва илмий ишланмалар соҳасида фаолият юритаётган етакчи корхоналардан саналади. “Mir Holding” 100 дан зиёд саноат патентларига эгалик қилади, шунингдек унга тегишли тадқиқот лабораторияси мамлакатнинг энг йирик хусусий лабораториясидир. Компания асосан, пластик қувурлар ишлаб чиқариш, инфратузилма объектлари қурилиши, қишлоқ хўжалиги фаолияти билан шуғулланади. “Mir Holding” Истанбул Университети технопаркининг таъсисчиларидан бўлиб, Туркия, Германия, Россия ва Озарбайжонда пластик қувурлар ишлаб чиқарадиган заводларга эгалик қилади.

 

Меҳмонлар, шунингдек, Туркия Мудофаа саноати ташкилоти билан амалга оширган лойиҳаси доирасида “Mir Holding” компанияси томонидан ишлаб чиқилган янги турдаги материални ­– пўлатдан 10 марта мустаҳкам ва 5 карра енгил материал намунасини намойиш этиб, бу материал ҳозирда авиация қурилиши соҳасида қўлланилаётганини таъкидлади.

 

Ўзбекистонда хорижий инвесторларга яратилаётган шароитларни инобатга олган ҳолда, шунингдек юртимиз бозорининг кенг имкониятларидан келиб чиқиб, турк компанияси пластик трубалар ишлаб чиқариш, иссиқхоналар хўжаликларини яратиш, технопарк қуриш ва давлат-хусусий шерикчилик асосида энергетик лойиҳаларда иштирок этиш истагини билдирди. Вазирлик мутасаддилар билан учрашув чоғида улар билан ҳамкорлик масалалари батафсил муҳокама қилинди.