Янгиликлар

Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ўзаро ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилишди

 

Жорий йилнинг 13 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Туризимни ривожлантириш давлат қўмитасининг мажлислар залида Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси мутахассислари иштирокида “Ўзбекистонда инновацион экотизимни ривожлантиришда идора ва ташкилотлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик истиқболлари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Азимжон Назаров ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Саидакбархон Акбаров раислик қилди. Тадбирда Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини ривожлантиришда илм-фан ҳамда инновация ютуқларидан кенг фойдаланиш тизимини янада такомилаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги вакиллари “Инновациянинг мазмун ва моҳияти, Ўзбекситон Республикасида инновацион экотизимни ривожланиш босқичлари” ва “Давлат илмий-техника дастурлари доирасида бажариладиган лойиҳалар ҳамда стартап лойиҳалари танловларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби” мавзусида тақдимотлар ўтказди.

Икки томонлама музокаралар натижасига кўра Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамкорлигида бир нечта қўшма лойиҳалар кўриб чиқилди.

Хусусан, Туризм қўмитаси томонидан ташкил этилган  “Ғоялар лабораторияси” платфомасида шаклланган лойиҳалар Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар марказида ташкил этилган илмий стартап лойиҳалар Акселератори  базасида такомиллаштирилиши ва Стартап лойиҳалар танловида иштирок этиши мумкин.

Инновацион ривожланиш вазирлигининг “My garden in the Aral sea” лойиҳасини эса Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг “Яшил лабиринт” лойиҳаси билан бирлаштирилган вариантини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш масаласи кенг муҳокама қилинди.

Тадбир якунига кўра “Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини ривожлантиришда илм-фан ҳамда инновация ютуқларидан кенг фойдаланиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги Инновацион ривожланиш вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва бошқа давлат муассасалари иштирокида қўшма қарор қабул қилишга келишилди.