Янгиликлар

Инновацион ривожланиш вазирлиги Германия тажрибасини Ўзбекистонда тадбиқ этишга киришди

 

Инновацион ривожланиш вазирлигининг Таълим ва соғлиқни сақлашга инновацияларни жорий қилиш ҳамда тадқиқ этиш бошқармаси бошлиғи, тиббиёт фанлари доктори Бахтинур Худанов жорий йилнинг 3­­-11 июнь кунлари Германия Федератив Республикаси Виттен/Хердекке университетида хизмат сафарида бўлиб, икки давлат ўртасидаги соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича алоқаларни мустаҳкамлаш, тажриба алмашиш, инновацион лойиҳалар ва ишланмаларни мамлакатимизга жорий этиш бўйича университет раҳбар ходимлари билан музокара олиб борди.

Хусусан, ҳозирда жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида кенг қўлланилаётган ва юртимизда ривожланиб келаётган телетиббиёт йўналиши бўйича инновацияларни ўрганиш ва республикада кенг жорий қилиш бўйича университет вице президенти профессор Ян Эхлерс ва махсус стоматологик хизмат кафедраси мудири профессор Андреас Шульте билан учрашди. Учрашув давомида Германия тиббиёти, тиббий таълимдаги эришилган натижалар, инновациялар ҳақида тўхталиб ўтилди. Уларни юртимизга жорий қилиш борасида самарали келишувларга эришилди.

Германиялик мутахассислар билан вазирлик томонидан Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманида ташкил этилиши режалаштирилаётган телетиббиётга асосланган инновацион клиникаси лойиҳаси муҳокама қилинди. Хорижлик экспертлар лойиҳага юқори баҳо беришди ва у марказдан узоқда жойлашган аҳоли учун жуда муҳимлиги, аҳолининг вақти ҳамда сарф-харажатларини тежашга, шу билан бирга ташхислаш ва маслаҳат бериш сифатини оширишга хизмат қилишини таъкидлашди. Ушбу тизим Австралия, АҚШ, Нидерланлия, Германия, Ҳиндистон каби давлатларда кенг қўлланилаётгани ва аҳоли бундан мамнун эканлиги айтиб ўтилди.

Шу билан бирга Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг стоматологик касалликлар, хусусан кариес ва унинг асоратларига чалиниш даражаси, унинг жадаллигини ўрганиш бўйича ишлар узоқ вақтдан бери тўхтаб қолганлиги, бу эса стоматологик касалликларнинг ривожланиш тенденциясини аниқлаш, профилактик чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва жорий қилишни қийинлаштираётгани илмий далиллар асосида муҳокама қилинди. Ушбу соҳада ҳам республикамизда эпидемиологик илмий изланиш олиб бориш бўйича хорижий молиявий институтларнинг грантларини жалб қилиш бўйича ҳам грант лойиҳаси тайёрлаш ишлари ҳамкорликда бошлаб юборилди.