Янгиликлар

Инновацион ривожланиш вазирлиги делегацияси Беларусга ташриф буюрди

 

Жорий йилнинг 8 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов бошчилигидаги делегациянинг Минск шаҳрига хизмат сафари Беларусь Республика Кенгаши раиси Михаил Мясниковичнинг Тошкент делегацияси билан бўлган учрашуви билан бошланди.

Учрашувда икки давлат ўртасидаги мазкур соҳадаги мавжуд алоқаларни мустаҳкамлаш, Ўзбекистон Республикаси ва Белорусь Республикасида технопарклар ўртасида ҳамкорликни ўрнатиш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, илм-фан соҳасида 15 та қўшма лойиҳалар амалга ошириш бўйича музокаралар ўтказилди. Беларусь Республикасида юртимиздан 10 нафар докторантнинг ўқишини ташкил қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги "Яшнобод" технопарки билан Беларусь Фанлар академияси марказлари ҳамда бошқа технологик парклар ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш бўйича музокаралар олиб борилди.

Ўз навбатида Инновацион Ривожланиш вазири И. Абдураҳмонов Ўзбекистон Беларусь билан ҳамкорликда илмий лабораториялар очиш таклифини берди.

- Биз учун саноатга илмий-тадқиқот ишланмаларини самарали жорий қилиш тажрибасини ўрганиши катта аҳамият эга, ­– деди И. Абдураҳмонов. ­- Ниятимиз Ўзбекистон ва Беларусда қўшма лабораториялар, университетларда факультетлар очиш, иккала мамлакат технопарклари ўртасида ҳамкорлик ўрнатишдир.­ Беларуснинг инновацион ривожланиш соҳасидаги тажрибаси, илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги алоқаларидан намуна сифатида фойдаланишимиз мумкин.

Май ойида ўтказиладиган Беларусь-Ўзбекистон ҳудудларининг илк Форуми ҳам шунга қаратилади. Михаил Мясникович Беларусь парламентининг юқори палатаси мазкур тадбирга фаол тайёргарлик кўраётгани, бунинг учун ташкилий қўмита ҳам тузилгани ҳақида гапирди. Спикер, шунингдек, шартномалар базасини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилишни таклиф этиб, илмий ҳамкорликни ривожлантириш ғоясини қўллаб-қувватлади. Республика Кенгаши раиси сўнгги йилларда икки томонлама муносабатларнинг фаоллашганига эътибор қаратди.