Янгиликлар

Инновацион ривожланиш вазири Исроил делегациясини қабул қилди

 

12 май куни Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Исроил делегациясини қабул қилди. Холон технологик институти (ХТИ) профессорлари Эдуард Якубов ва Адир Придор, Исроилининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Эдуард Шапиро, ХТИ бош директори Самуэль Гольдберг, “Water-Gen” компанияси асосчиси Майкл Рутман ва бошқа мутасаддилардан иборат 17 кишидан иборат исроиллик делегация билан тадқиқотлар ва ишланмаларни амалга ошириш, қишлоқ хўжалигини такомиллаштириш, сув ресурсларини бошқариш, тиббиёт соҳасида талабалар алмашинуви дастури бўйича қатор масалалар муҳокама қилинди.

Хусусан, инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда Бухоро вилоятида ўрнатилган “Water-Gen” компаниясининг ҳаводан сув олиш ускунаси аҳолини юқори сифатли, тоза ичимлик суви билан таъминлаш йўлидаги биринчи қадам бўлгани эътироф этилди. И. Абдураҳмонов тоза сув таъминоти глобал муаммо эканини таъкидлаб, Бухоро вилояти билан чекланмай, республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам бу каби ускуналарни ўрнатиш зарурияти мавжудлигини айтди.

Консалтинг ва тадбиркорлик йўналишида фаолият юритадиган “Bangam” компаниясининг раҳбари Иланит Литаи Ўзбекистонда Фермерлар академиясини ташкил этиш таклифини берди. Юртимизнинг барча ҳудудларидаги фермерларга юқори малакали мутахассисларнинг таълим бериши ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги улкан тажриба билан ўртоқлашиши соҳанинг янада ривожланишига туртки бўлиши ҳақида фикрлар билдирилди.

Ўз навбатида, доктор Рефаэль Барак билан тиббиёт соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга дастлабки келишувларга эришилди. Тошкент давлат стоматология институти ҳамда Исроил Стоматология институти талабалари алмашинувини ташкил этиш масаласида исроиллик 10 нафар Талаба Тошкентда, Ўзбекистонлик 10 нафар талаба эса Исроилда тажриба орттириб, билимларини оширишлари мумкинлиги ҳақида таклифлар берилди.

Исроилининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Э. Шапиро Ўзбекистон-Исроил муносабатлари ҳақида сўзларкан, Исроил Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Халқаро ҳамкорлик марказининг кенг кўламли дастури доирасида Ўзбекистонлик иштирокчилар қишлоқ хўжалиги, тадбиркорлик, технологиялар бўйича малакаларини оширганлари ҳақида маълумот берди.

Инновацион ривожланиш вазирлиги мутасаддилари исроиллик ҳамкорлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш йўлидаги саъй ҳаракатлари юртимизнинг инновацион экотизимини мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшишига ишонч билдирдилар