Янгиликлар

Инновацион ривожланиш вазири андижонлик олимлар билан учрашди

 

17 май куни Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Андижон Машинасозлик институтида Андижон вилоятидаги барча олий таълим муассасалари проректорлари, илмий-тадқиқот институтлари ходимлари, профессор, ўқитувчилар ва олимлар билан учрашди.

И. Абдураҳмонов Инновацион ривожланиш вазирлиги фаолияти,вазирликда амалга оширилаётган ишлар ҳақида йиғилганларга маълумотлар берди. Хусусан, вазирлик томонидан эълон қилинаётган инновацион, амалий, стартап лойиҳаларга грант бериш бўйича танловларнинг моҳияти ҳақида сўзлади.

– Ўзбекистоннинг Инновацион ривожланиш стратегиясида грантлар сонини тубдан кўпайтириш, молиялаштиришда ВВПнинг 0,8 фоизига олиб чиқиш белгиланган, – деди вазир. – Бу 10 мингдан зиёд PhD ва фан номзодларимиз, 2,5–3 мингга яқин фан докторларимизнинг барчасига маблағ етишини англатади. Лекин бу маблағни олиш учун олимларимиз, тадқиқотчиларимиз шу маблағларга муносиб лойиҳаларни тақдим этишлари талаб этилади. Вазирлик эса ўз навбатида ҳар бир йўналиш бўйича маҳсулотга йўналтирилган янгидан-янги мавзуларни шакллантириб бораверади. Мана шу мавзулар бўйича топширилган лойиҳаларнинг энг муносибига маблағ ажратилади. Бунда катта олимларимиз, академикларимиз тадқиқотларга шогирдларини ҳам жалб қилиш имкониятига эга бўладилар, натижада ҳозирда йўқ бўлиб кетаётган илмий мактаблар яна вужудга келади.

Шунингдек, йиғилишда докторантурага қабул қилишдаги ўзгаришлар бўйича масалалар муҳокама қилинди. Кейинги йилдан бошлаб тасарруфида олий таълим ёки илмий-тадқиқот муассасаси бўлган давлат идоралари ҳар йили 15 майга қадар Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигига таянч докторантурага, докторантура ва мақсадли докторантурага Ўзбекистон Республикаси давлат бюджет маблағлари ҳисобига ўқитиш учун қабул квотаси бўйича асосланган таклифлар билан мурожаат қилишлари лозимлиги айтиб ўтилди.

Шунингдек, Андижон муҳандислик институти олимлари ва тадқиқотчилари ўз илмий ишланмаларини намойиш этдилар. Ўз навбатида олимлар фан йўналишлари бўйича терминлар луғатларини ишлаб чиқиш, таржимонлар ва тилшунослик марказини ташкил этиш бўйича таклифлар бердилар. Мазкур марказда илмий мақолаларни ўзбек тилидан инглиз тилига ўгириш бўйича платформа яратиш мумкинлиги ҳақида гапирилди.