Янгиликлар

«Инновацион ғоялар етакчиси» кўкрак нишони кимларга берилади?

Ўтган "Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш" йилида "Инновацион ғоялар етакчиси" кўкрак нишони таъсис этилган бўлиб, у инновацион ғоя ва технологияларни ривожлантириш ва уларни амалиётга татбиқ этишга муносиб ҳисса қўшган ёш олимлар ва талабалар ҳамда ташаббускор фуқароларнинг инновацион фаолиятини рағбатлантириш ва эришган ютуқларини муносиб тақдирлаш мақсадида берилади. Эслатиб ўтмоқчимиз, кўкрак нишони билан тақдирлашга оид дастлабки таклифлар давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари томонидан ҳар йили 1 апрелдан 30 апрелгача туман (шаҳар) ҳокимликларида тузилган комиссияга тақдим этилади.
Ушбу комиссиялар таклифларни ўрганиб чиқиб, кўкрак нишони билан тақдирлашга номзодлар бўйича тавсияларни ҳар йили 1 июнгача тегишлича ҳокимликларга тақдим этади.
Тақдирланишга тавсия этилган олий таълим муассасалари талабаларининг ҳужжатлари олий таълим муассасасида тузилган комиссиялар томонидан ўрганиб чиқилиб, ОТМ илмий кенгашининг тегишли қарори билан тасдиқланади ва тақдирлаш бўйича тавсиялар ҳар йили 1 июнгача олий таълим муассасаси ректорининг йўлланма хати билан тўғридан-тўғри тегишлича ҳокимликларга тақдим этилади.
Ҳар йили 1 июлгача Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи томонидан қўшма комиссия ташкил этилади. Унда кўкрак нишони билан тақдирлашга тавсия қилинган номзодлар бўйича ҳужжатлар кўриб чиқилади ва ҳар йили 31 августгача якуний хулоса қабул қилинади.
Кўкрак нишони билан мукофотлаш тўғрисида ҳар йили 15 сентябргача Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг қўшма қарори қабул қилинади.
Кўкрак нишони билан тақдирланган шахслар энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма баравари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти билан тақдирланадилар. Кўкрак нишони ва мукофот ҳар йили октябр ойида ўтказиладиган Инновацион ғоялар ҳафталиги — "InnoWeek" доирасида Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазири ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши раиси томонидан тантанали равишда топширилади.


Ҳужжатнинг тўлиқ матни: http://lex.uz/docs/3924447