Янгиликлар

Иброҳим Абдураҳмонов: Олимлар тадқиқотлар ўтказишлари учун шароитлар яратилмоқда, талаблар ҳам ошмоқда!

 

 

6 май куни Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Фарғона политехника институтида Фарғона, Андижон ва Наманган университет проректорлари ва ўқитувчилари иштирокида учрашув ўтказди. Учрашувда олимлар, профессорлар, докторантлар, мустақил тадқиқотчилар ва Фарғона Ёшлар инновация маркази вакиллари қатнашдилар.

− Ўтган йилнинг октябрь ойида Президентимиз томонидан 2019−2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегияси тасдиқланиб, мазкур стратегиянинг асосий мақсади − инсон капиталини ривожлантириш экани белгиланди, ­− деди вазир. ­ − Шу билан бир қаторда Ўзбекистон инновацион ривожланиш йўлига ўтганини эълон қилар экан, энди ахборот ва фанга йўналтирилган технологияларни қўллашга таълим соҳасини ривожлантиришга катта эътибор қаратмоқда. Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан 2018 йили ёш олимларнинг қисқа муддатли илмий стажировкаларини ташкил этиш мақсадида уч маротаба танлов ўтказилди. Ҳозирги кунга қадар, 40 нафар ёш олимларнинг АҚШ, Хитой, Германия, Россия, БАА ва бошқа давлатлардаги етакчи илмий марказларидаги мақсадли илмий стажировкалари молиялаштирилди.

Вазир, шунингдек бугунги кундаги докторантура тизимидаги ўзгаришлар, инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан тақдим этилаётганга амалий ва инновацион лойиҳларни тақдим этиш тартиби ҳақида гапирди.

Шу ўринда вазир 2019 йилдан бошлаб инновацион ривожланиш вазирлиги давлат илмий-техника дастурлари доирасида бажариладиган инновацион ҳамда амалий лойиҳалар, шунингдек, ўз харажатларини ўзи қоплаш асосида молиялаштириладиган устувор инновацион, илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ва стартап лойиҳалар танловлари натижаларига кўра ғолиб бўлган жами 59 та лойиҳани 45,4 млрд. сўм миқдорида молиялаштиришга киришганини қайд этди.

− Авваллари бир олимга 30-40 миллион сўм миқдорида грантлар ажратилган бўлса, энди бу грантларнинг суммаси анчайин кўпайди. Ҳар бир олим ёки олимлар жамоасига 300 миллион сўмдан 1 миллиард сўмгача бўлган грантлар берилмоқда. Аммо талаб ҳам ошган! Энди олим мақола билан эмас, инновацион маҳсулот, янги технологиялар, ёки саноат намунаси билан ҳисобот бериши шарт қилиб қўйилди. Токи олимлар томонидан яратилган маҳсулот юртимиз иқтисодиётига фойда келтирсин, халқнинг турмуши янада фаровон бўлсин!

Ўз навбатида, фарғоналик олимлар ва докторантлар вазирлик томонидан эълон қилинаётган мавзуга доир грант танловларида иштироклари сустлиги, топшираётган лойиҳалари сони жуда кам эканлиги танқидий таҳлил қилинди ва камчиликлар кўрсатилди. Вазир уларни фаолроқ бўлишга ундади.

Бундан ташқари, Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб қувватлаш жамғармаси томонидан Фанлар академияси 2018 йилда тақдим этган рўйхатларга мувофиқ олтита илмий-тадқиқот муассасаларига 173 турдаги 7,2 млн. АҚШ доллари миқдоридаги илмий лаборатория асбоб-ускуналари харид қилиниши, жорий йил учун ўн битта илмий-тадқиқот институтларига 8,4 млн. доллар миқдоридаги лаборатория жиҳозлари харид қилиниши кўзда тутилганини ва бу саъй-ҳаракатлар юртимиз илм-фанининг янада ривожланишига ҳисса қўшишини таъкидланди.