Янгиликлар

Халқаро электрон илмий маълумотлар базасига бепул кириш имконияти берилади

 

22 апрель куни Инновацион ривожланиш вазирлиги Таълим ва соғлиқни сақлашга инновацияларни жорий қилиш ҳамда тадқиқ этиш бошқармаси бошлиғи Бахтинур Худанов бошчилигидаги ишчи гуруҳ “Springer Nature” компанияси вакиллари Ирина Александрова ва Сахих Гирей ҳамда “Clarivate Analytics” компанияси вакили Лазиза Мукашева билан учрашди.

 

“Springer Nature” компанияси илмий адабиётлар нашр этувчи дунёдаги етакчи нашриётлардан бири бўлиб, Springerlink платформасида 3500 та журнал, Nature бренди билан 50 та, Adis бренди остида 24 та, Palgrave Macmillan брендида 46 та журнал чоп этади. “Springer Nature”нинг турли фан йўналишлари бўйича 240 000 номдаги китоблардан иборат дунёдаги энг йирик илмий китоблар тўпламлари 1815 йилдан то 2019 йилгача чоп этилган нашрларни ўз ичига олади.

 

Компания, шунингдек, турли хил маълумотлар базаларига ҳам эга. Хусусан, тиббиёт, биотехнология, биотиббиёт, кимё, фармацевтика, микробиология ва бошқа табиий фанлар бўйича 50000 та баённомани ўз ичига олган Илмий тадқиқотлар баённомалари (Springer Protocols) маълумотлар базаси; 100000 тадан ошиқ онлай ҳужжатлардан иборат Материалшунослик (Springer Materials) базаси; 200000 дан зиёд профилларга эга наноматериаллар тўғрисидаги тадқиқотлар билан танишиш имкониятини берувчи ноёб манба бўлган Nano материаллар базаси; 210000 дори препаратлари тўғрисидаги маълумотлардан иборат AdisInsight маълумотлар базаси ва бошқалар.

 

Springer Nature компанияси ва Ўзбекистон олимлари анчадан бери ҳамкорлик қилиб келишади. Бугунги кунда Ўзбекистон олимларининг хорижда чоп этиладиган мақолалар ва китобларнинг 20 фоизи Springer Nature нашриётида чиқарилади. Бундан ташқари, Ўзбекистон билан ҳамкорлик доирасида юртимизда инглиз тилида 2та илмий журнал нашр этилмоқда – Chemistry of Natural Compounds (Табиий бирикмалар кимёси), Applied Solar Energy (Амалий қуёш энергетикаси /Гелиотехника).

 

Учрашув давомида Springer Nature компанияси билан Ўзбекистондаги олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот институтлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Ҳамкорлик доирасида ўзбекистонлик муаллифлар учун тақдимотлар ва семинарлар ўтказиш белгиланди. Шунингдек компания юртимиз олимлари учун уч ой давомида ўз журналларидан бепул фойдаланиш имкониятини беришга тайёрлигини билдирди.

 

Олий таълим ва илмий тадқиқот муассасалари, ахборот-ресурс марказлари Springer Nature компанияси билан ҳамкорлиги натижасида қуйидаги имкониятлар очилиши қайд этилди: илм-фанда эришилган ютуқлар тўғрисида ўз вақтида хабардор бўлиш, кутубхоналарни тўлдириш, илмий-тадқиқот ишлари, докторлик диссертацияларни ёзиш чоғида адабиётлардан эркин фойдаланиш, тадқиқот мавзуларига кўра рейтинги баланд журналларни тез топиш, ўз тадқиқотлари натижаларини чоп этиш, китоблар ва мақолалар ёзиш, материаллардан фойдаланиш бўйича кўчма семинарларда иштирок этиш, ўқув материаллари, умумий ва тематик рисолалардан фойдаланиш.