Янгиликлар

Германиянинг лаборатория ускуналари ишлаб чиқарувчи компаниялари билан музокаралар ўтказилди

 

Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ижрочи директори Бунёджон Охунов бошчилигидаги делегация жорий йилнинг 30 апрелдан 8 майига қадар Германия Федератив Республикасида хизмат сафарида бўлдилар.

Делегация аъзолари сафар чоғида Германиянинг етакчи лаборатория ускуналарини ишлаб чиқарувчи компаниялари вакиллари билан учрашиб, юртимиздаги илмий-тадқиқот институтларининг лабораториялари учун зарур юқори технологик ускуналарни харид қилиш бўйича шартномалар туздилар, шунингдек, ҳамкорлик меморандумларини имзоладилар.

Хусусан, рентген соҳасидаги ускуналар ишлаб чиқарувчи жаҳондаги етакчи Rigaku Europe SE (Япония) ва E-Globaledge (Япония) компаниялари раҳбарлари билан учрашув чоғида ҳар қандай материал тузилмасини аниқловчи рентген микроскоп, катта молекулаларнинг 3D кўринишда таҳлил қилувчи ускуналар ва бошқа асбоблар намойиш этилди. Музокаралар натижаларига кўра уч томонлама ўзаро англашув меморандуми имзоланди.

Шунингдек, Германиянинг турли хил лаборатория ускуналари ишлаб чиқарувчи  EPPENDORF AG, Huber, IKA, Oxford Instruments GmbH Plasma Technology, Sernia компаниялари вакиллари билан учрашувлар ўтказилди. Мазкур компаниялар билан ҳам амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича англашув меморандумлари тузилди.  Шу билан бир қаторда, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг У.А. Арифов номидаги Ион-плазма ва лазер технологиялари институти учун лаборатория ускуналарини харид қилиш ва тўлов шартлари келишиб олинди.

Вазирлик мутасаддилари компанияларни ҳар йили пойтахтимизда ўтказиладиган Innoweek ярмаркасида иштирок этишни ҳамда ёш олимлар учун қисқа муддатли стажировкалар ташкил қилишни таклиф этдилар.