Янгиликлар

Elsevier хорижий компанияси билан ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди

 

Аввал хабар қилганимиздек, Инновацион ривожланиш вазирлиги тиббиёт соҳаси ходимлари учун далилларга асосланган тиббий маълумотлар базасига уланиш учун имконият яратишга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.

Жумладан, жорий йил бошида Нидерландиянинг Elsevier компанияси билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилиб, англашув меморандуми имзоланди. Мазкур компания 100 нафар ўзбекистонлик шифокор мутахассислар учун умумий қиймати 50 минг АҚШ доллари деб баҳоланган Clinicalkey платформасидан 6 ой давомида бепул фойдаланиш имкониятини тақдим этди. Ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш ва уни янги босқичга кўтариш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлиги ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Тиббиёт бош бошқармаси ҳамкорлигида Elsevier хорижий компаниясининг етакчи мутахассислари – Игор Никитин – Elsevier компаниясининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директори, Жейми Элсон – Elsevier компаниясининг Шимолий Европа ва Скандинавия бўйича минтақавий директори ҳамда Лаис Жункейра – Elsevier компаниясининг беморлар хавфсизлиги ва сифати бўйича директори юртимизга ташриф буюрди.

Ташрифдан кўзланган асосий мақсад, юртимизда фаолият юритаётган шифокорлар, тиббий илмий ходимлар ва магистр даражасидаги тиббиёт талабаларини Clinicalkey платформасидан фойдаланиш қоидалари билан таништириш ҳамда уларни амалиётга жорий этиш усулларини ўргатишдан иборат.

Ташрифнинг биринчи кунида бепул фойдаланиш имкониятига эга бўлган 100 нафар шифокорларнинг орасидан мазкур платформанинг энг фаол фойдаланувчилари хорижий мутахассислар томонидан ажратиб олинди ҳамда улар учун хорижий мутахассис - Elsevier компаниясининг беморлар хавфсизлиги ва сифати бўйича директори Лаис Жункейра бошчилигида платформадан фойдаланишда унинг ўзига хос хусусиятлари, нозик қирралари ва асосий жиҳатлари бўйича махсус семинар ва маҳорат дарси ўтказилди. Ушбу семинар ва маҳорат дарсларида энг фаол шифокорларимиз ўзларини қизиқтирган ва ўз ечимини кутаётган кўплаб саволларга жавоб олишди.

Ташриф давомида Elsevier компаниясининг беморлар хавфсизлиги ва сифати бўйича директори Лаис Жункейра иштирокида очиқ мулоқот ўтказилди. Унда шифокорлар, илмий ходимлар ва магистр даражасидаги тиббиёт талабалари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди, платформадан фойдаланиш қоидалари, амалиётга қўллаш усуллари, унинг афзалликлари бўйича етарлича маълумот берилди.

Ташрифнинг иккинчи кунида хорижлик мутахассислар Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт маркази, Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази ва Тошкент давлат стоматология институтига ташриф буюришди. Хорижлик ҳамкорлар иштирокида Тошкент давлат стоматология институтида Elsevier компаниясининг энг сўнгги ишланмаси бўлган ClinicalKey Learn дастури бўйича давра сухбати ўтказилди.

ClinicalKey Learn дастури тиббиёт талабалари ва ўқитувчилари учун махсус яратилган бўлиб, ушбу дастурдан дунёдаги кўплаб тиббиёт олийгоҳлари талабалари ва ўқитувчилари фойдаланиб келмоқда. Ушбу дастурда мавжуд муаммонинг ечимини излаб топиш, ўзида тўлиқ ва тезкор кўринишдаги маълумотларни сақлаш каби имкониятларининг мавжудлиги талабаларда катта қизиқиш уйғотди. Компания мутасаддилари ва Инновацион ривожланиш вазири биринчи ўринбосари Шароф Ражаббаев ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Учрашув давомида меморандум доирасида истиқболдаги режалар, келгусида амалга ошириладиган вазифалар белгилаб олинди.