Янгиликлар

“Бизнес-акселератор” ўқув-амалий марказида Болалар инновацион технопарки ташкил қилинади

 

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаси муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Бизнес-акселератор ўқув-амалий маркази фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди: https://regulation.gov.uz/uz/document/3077

Ҳужжатга кўра Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ва Сирдарё вилоят ҳокимлигининг Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий маркази қошида давлат муассасаси шаклидаги мактабгача ёшдаги болалар инновацион технопаркини ўз ичига олган “Бизнес-акселератор” ўқув-амалий марказини (кейинги ўринларда – Марказ) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилиши мумкин.

Марказнинг асосий вазифалари:

  • юқори малакали мутахассисларни жалб қилган ҳолда бозор иқтисодиёти тамойилларига мос келувчи ўқув курсларини ташкил этиш;
  • мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари учун Болалар инновацион технопаркини ташкил қилиш ва фаолиятини таъминлаш;
  • Сирдарё вилоятида кичик ишлаб чиқариш тадбиркорлик субъектларини ташкил этишга кўмаклашиш ва маркетинг соҳасида билим бериш;
  • ёшларда тадбиркорликка бўлган қизиқишни уйғотиш, бизнесни юритиш қоидаларини ўргатиш ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан ишлаш бўйича амалий кўникмаларни шакллантириш;
  • қулай муҳитда ёш тадбиркорларнинг бизнесини йўлга қўйиш орқали қўшимча иш ўринларини яратишга кўмаклашиш;
  • замонавий ахборот ва инновацион педагогик технологиялардан кенг фойдаланган ҳолда ўқитишни ташкил этиш;
  • ўқув курсларини тамомлаган ёшларга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун инвесторларни топишга кўмаклашиш;
  • замонавий билимлар асосида ўсиб келаётган ёш авлодда футуристик дунё қарашни шакллантириш.

 

Қонун лойиҳасида келтирилишича, Марказни жойлаштириш ва фаолиятини ташкил этиш учун Сирдарё вилояти, Сирдарё шаҳри, Ўзбекистон кўчаси, 86-уйда жойлашган Педагогика коллежига қарашли бўлган 1- ва 2-сон талабалар ётоқхонаси бинолари (кейинги ўринларда – объект) Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий Марказга оператив бошқарув ҳуқуқи билан бепул берилади.

Ҳужжатга кўра, хусусан, Тижорат банклари Савдо-саноат палатаси билан биргаликда ўқув курсларини тамомлаган ёшлар учун технологик ускуналар ҳамда жиҳозлар сотиб олиш ва ўз тадбиркорлик фаолиятини ташкил қилишлари учун кредит ажратилишини таъминлаш ҳам кўзда тутилган.