Янгиликлар

АҚШ делегацияси билан учрашув ўтказилди

13 май куни Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов АҚШнинг Миссисипи штати маъмуриятининг ижрочи директори Глен Маклау ҳамда “Cherokee Fab” компанияси раҳбари Майкл Гринни қабул қилди.

И. Абдураҳмонов АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга эканини, вазирлик АҚШ компаниялари билан турли соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёр эканини айтди.

Глен Маклау юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар икки давлат ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини таъкидлаб, мазкур учрашув кейинги алоқалар учун илк қадам бўлишини таъкидлади.

Ўз навбатида, Майкл Грин “Cherokee Fab” компанияси пахта тозалаш ускуналари ишлаб чиқарувчи дунёдаги етакчи компаниялардан бири экани, мазкур ускуналари бугуни кундаги энг инновацион технологиялар асосида яратилгани, буткул автоматлаштирилганлиги, хавфсизлиги, иқтисодий жиҳатдан тежамкорлиги билан ажралиб туришини, бу ускуналарнинг юртимизга жорий этилиши қишлоқ хўжалиги соҳасини янада ривожланишига олиб келишини айтди.

Инновацион ривожланиш вазири пахта тозалаш ускуналарини Ўзбекистонда ишлаб чиқариш имкониятларини ўрганиш зарурлигини, технологиялар трансфери муҳим аҳамиятга эга экани ҳақида фикр билдирди.

Учрашув дўстона ва самимий руҳда ўтди.