Янгиликлар

“Ақлли шаҳар” концепциясини жорий этишда хориж тажрибаси ўрганилди

 

Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан жорий йилнинг 20–21 май кунлари Тошкент архитектура-қурилиш институтида халқаро мутахассислар иштирокида бир нечта мавзуларни ўз ичига олган семинар бўлиб ўтди. Семинарни Беларусь Республикасидан ташриф буюрган проф. Аркадий Шкляр, “Главтелеком” раҳбари В. Сазоненко, Финляндиянинг Verte Ltd. компанияси бош директори Сакари Эрмала, “Smart Tampere” лойиҳаси директори Теро Бломквист ўтказдилар. Унда вазирлик ва идоралар раҳбарлари, шунингдек таълим ва хусусий сектор вакилларини иштирок этдилар.

 

Тадбирни Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Азимжон Назаров очиб берди. У Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2019 йил 18 январда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасига “Ақлли шаҳар” технологияларини жорий этиш концепциясига кўра шаҳарларга замонавий муҳандислик-коммуникацион инфратузилмаларни яратиш вазифаси белгиланганини ва бу вазифаларни амалга оширишда хориж тажрибасини ўрганиш муҳим эканини қайд этди.

 

Сакари Эрмала “Даврий иқтисодиёт – минтақа ва давлатнинг тараққиёт йўли” мавзусидаги маърузасида Финляндия ECO3 концепциясини амалга ошириш натижасида тўплаган тажриба ҳақида гапираркан, даврий ёки айланма иқтисодиёт платформаси барқарор ривожланиш масалаларини ҳал қилишда қудратли кўч бўлганини, шунингдек мазкур ўзгаришлар туфайли тадбиркорлик, савдо ва иш ўринларини яратиш ишлари янада ривожланганини таъкидлади.

 

– Ҳозирги кунда кўплаб мамлакатларда даврий иқтисодиёт нималигини англаш билан муаммолар мавжуд, – деди С. Эрмала. – Хом ашёлардан оқилона ишлатиш, энг сўнгги технологияларни қўллаган ҳолда чиқиндиларни қайта ишлаш, маҳсулотлардан узоқ вақт давомида фойдаланиш ва уларни таъмирлаш имкониятининг мавжудлиги, қайта тикланувчи энергиядан фойдаланиш даврий иқтисодиётнинг асоси саналади. Ҳукумат, тадбиркорлик субъектлари, фуқароларга уларни вазифаларидан келиб чиққан ҳолда муайян мақсадлар белгиланиши лозим.

 

Даврий иқтисодиётни жорий этишга қаратилган “Йўл харитаси”га асосан Финляндия миллий иқтисодиёти 2030 йилга келиб 2-3 миллиард долларлик маблағни тежаши кутилмоқда.

 

Шунингдек, тадбирда “Ақлли шаҳар – очиқ ахборот тизими”  ва “Қурилиш объектларини лойиҳалаштириш, қуриш ва ишга туширишда рақамли ахборот моделини яратиш” мавзуларида ўқув-семинарлар ўтказилди. Хусусан Финляндиянинг Нокия ва Тампере шаҳарларида жорий этилган ва этилаётган “Ақлли шаҳар” технологиялари семинар иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.

 

Маърузачилар ақлли шаҳар концепцияси шаҳар аҳолиси турмуш тарзини яхшилаш билан бир қаторда, унинг ҳудуднинг сайёҳлик имкониятларини сезиларли даражада кенгайтиришини, илмий тадқиқотлар учун кенг шароитлар яратилишини, ишлаб чиқаришнинг ривожланишига туртки бўлишини қайд этдилар.