Янгиликлар

21 апрель – Бутун жаҳон ижодкорлик ва инновацион фаолият куни

 

Барча соҳалардаги билимларни сақлаш, кўпайтириш ва тарқатиш йўли билан иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда, жумладан ақлий фаолият билан шуғулланадиган ҳар қандай йўналишларда миллатлараро ҳамкорликни рағбатлантириш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеяси 21 апрелни Бутун жаҳон ижодкорлик ва инновацион фаолият куни деб эълон қилган. Унга кўра, мамлакатларнинг барқарор ривожланиши кичик ва ўрта бизнес тармоқларининг инновацияларга мойиллигини қўллаб-қувватлашга боғлиқдир. Шу билан бир қаторда ижодий фаолият жамият иқтисодий ўсиши стратегиясининг таркибий қисми саналади. Оммавий тарзда тадбиркорлик, ижодий қа инновацион фаолият билан шуғулланиш барчанинг, хусусан ёшлар ва хотин-қизларнинг имкониятларини кенгайтиради.

XXI асрда айнан инновацион фаолият – хоҳ у якка тартибда, хоҳ жамоавий бўлсин – халқларнинг фаровон ҳаёти омилига айланди. Хусусан, Президентимиз томонидан 2019−2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегияси тасдиқланиши ва мазкур стратегиянинг асосий мақсади — инсон капиталини ривожлантириш деб белгиланиши жамиятимиз ва давлатимиз ҳаётини ҳар томонлама ривожлантиришга ҳамда мамлакатимизнинг интеллектуал ва технологик салоҳиятини оширишга хизмат қилади.

Мамлакатимиз ривожининг янги, инновацион босқичи – фундаментал жараён бўлиб, давлат ва жамиятнинг барча жабҳаларида шижоат билан меҳнат қилишимизни талаб қилади. Ижодий кўтаринкилик ва инновацион фаолият йўлидаги жўшқинлик барчамизга ёр бўлсин!

Инновацион ривожланиш вазирлиги