Халқаро муносабатлар

ЎЗБEКИСТОН РEСПУБЛИКАСИ ИННОВАЦИОН РИВОЖЛАНИШ ВАЗИРЛИГИНИНГ ИННОВАЦИОН СОҲАДА ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИГИ ТЎҒРИСИДА МАЪЛУМОТ

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 ноябрдаги №ПФ-5264 сон Фармони ва 2017 йил 30 ноябрдаги №ПҚ-3416 сон Қарорига биноан Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги хорижий ҳамкорлар, жумладан, чет мамлакатлар ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари, компания ва фирмалари, шунингдек, халқаро ташкилотлар ва молия институтлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва мустаҳкамлаш борасида изчил саъй-ҳаракатлар амалга оширмоқда.

Хусусан, икки томонлама ҳамкорлик ҳужжатларини (келишувлар, дастурлар) ишлаб чиқиш, мувофиқлаштириш ва имзолашда иштирок этилди. 2018 йил охири ҳолатига кўра, 4 та битим имзоланган, яна 5 таси ишлаб чиқилмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг фаол иштироки билан хорижий шериклар билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича Амалий тадбирлар режалари («йўл хариталари») ишлаб чиқилди. Ушбу ҳужжатларни амалга ошириш бўйича доимий равишда ишлар олиб борилмоқда.

Вазирлик Ўзбекистоннинг Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) Илм-фан, технология ва инновациялар соҳасида ҳамкорлик бўйича давлатлараро кенгашига қўшилиши масаласи ҳал этилди ҳамда МДҲ давлатларининг Илмий-техник ахборот давлатлараро мувофиқлаштирувчи кенгашига аъзо бўлиш масаласи борасида ўрганиш ишлари бошланди.

Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти доирасида Ўзбекистон ташаббусларини илгари суриш ва амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар режасининг И боб 5-бандига биноан, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги 2018-2019 йилларда ШҲТ мамлакатлари илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорлик қилиш учун амалий чора-тадбирлар режаси («йўл харита») ишлаб чиқди.

Фан ва технологиялар бўйича Ислом Ҳамкорлик Ташкилотининг (ИҲТ) Биринчи саммитида (2017 йил 10-11 сентябр, Остона) олға сурилган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари ва таклифларини рўёбга чиқариш бўйича амалий чора-тадбирлар режасини ҳаётга тадбиқ этиш доирасида ИҲТ Фан ва технологиялар соҳасида ҳамкорлик бўйича доимий қўмита билан алоқаларни кенгайтириш масаласи ҳал этилди. Қўмита делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи ташиллаштирилди, учрашув ва музокаралар чоғида Ўзбекистон Республикаси билан ИҲТ Фан ва технологиялар соҳасида ҳамкорлик бўйича доимий қўмита ўртасидаги 2018-2020 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик «Йўл харита»си имзоланди.

Чет эллик мутахассисларни вазирликка маслаҳатчи ва консултантлар сифатида жалб қилиш борасида ишлар олиб борилмоқда. Германиялик Карстен Ҳайнтс, австриялик Виктория Гариб ва Уве Бергер, АҚШдан Жамшид Авлонов, даниялик Бекзод Ҳакимов, Қозоғистондан Ербол Сулейменовлар шулар жумласидандир.

Илғор халқаро таълим стандартлари даражасида малакали кадрлар тайёрлаш тизимини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ва CityU (Гонконг, Хитой), UdacityX MOOC (АҚШ), MOOC Iversity (Нидерландия/Германия), Open Polytechnic (Янги Зеландия) таълим муассасалари билан битим имзоланди. Келишувда, жумладан, Ўзбекистонда «Келажак университети» масофавий олий ўқув юртини ташкил этиш назарда тутилган.

Илғор хорижий тажриба, жаҳон илм-фанининг замонавий ютуқлари, инновацион ғоялар, ишланма ва технологиялар асосида иқтисодиёт ва ижтимоий соҳанинг барча жабҳаларида жадал инновацион тараққиётни таъминлаш мақсадида Исроилнинг Холон технология институти билан ҳамкорлик ўрнатилди.

Хорижий шериклар билан амалий ҳамкорлик йўналишларини муҳокама қилиш мақсадида хорижий давлатларнинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналари ва халқаро ташкилотлар вакиллари билан учрашувлар мунтазам равишда ташкил этилмоқда. Чет мамлакатлар вазирлик ва идоралари, компаниялари, молия институтлари, инновацион марказ ва технология парклари вакиллари билан доимий равишда вазирликда музокаралар ўтказилади.

2018 йил 22-26 октябр кунлари Тошкентда «InnoWeek-2018» халқаро инновациялар ярмаркаси ташкил этилди, унда хорижий ҳамкорлар билан ўзаро манфаатли шартномалар имзоланди.