Фан, таълим ва ишлаб чиқаришни интеграция қилиш бошқармаси


Тўйчиев Олимжон Алижонович

Фан, таълим ва ишлаб чиқаришни интеграция қилиш бошқармаси бошлиғи

+998 (71) 203-32-23

Ички рақам: 551

o.tuychiev@mininnovation.uz

Вазифалари:

  • таълим, илмий-тадқиқот ва бошқа идоралар, илмий-экспериментал махсус лабораториялар, юқори технологиялар марказлари, технопарклар ва бошқа инновацион тузилмаларнинг юқори технологик маҳсулотларни ишлаб чиқиш бўйича (илмий-тадқиқот ишлар қисмидаги) фаолиятини мувофиқлаштириш, шунингдек уларнинг моддий-техник ва илмий имкониятларини мустаҳкамлашга кўмаклашиш;
  • илмий-тадқиқот, таълим ва республиканинг бошқа муассасалари томонидан амалга оширилаётган давлат илмий-техник дастурлари ва лойиҳалари йўналишларини ишлаб чиқиш;
  • юқори технологик инновацион паркларни ташкил қилиш бўйича космплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва уларда кенг кўламдаги инновацион лойиҳаларни амалга ошириш, саноат ишлаб чиқаришини ташкил қилиш ва ривожлантириш учун шароитларни яратиш.

Технопаркларни ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўлими

E-mail: r.umarov@mininnovation.uz

 

 

Қонун ижодкорлиги

Ҳозирги кунда бошқарма томонидан “Фан тўғрисида” ва “Инновация тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. 2018 йил 
9 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутатлари “Фан тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилишди. Бугунги кунда мамлакат илм-фани ва илмий салоҳиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, иқтисодиётни ривожлантиришда фан ва техниканинг ҳиссасини ошириш, амалга ошириладиган илмий тадқиқотларнинг сифати ҳамда самарадорлигини юксалтириш, илм-фан, таълим, ишлаб чиқариш ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масаласи ҳар қачонгидан ҳам долзарблик касб этмоқда. “Фан тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилишининг зарурати ҳам айни ана шундандир.

“Инновацион ғоя етакчиси” кўкрак нишони

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 июндаги “Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3775 сонли қарорига мувофиқ бошқарма томонидан “Инновацион ғоя етакчиси” кўкрак нишони Низоми ишлаб чиқилди ҳамда 2018 йил 2 октябрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Инновацион ғоялар етакчиси” кўкрак нишонини таъсис этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 786-сон Қарори қабул қилинди.

Ушбу қарор қабул қилиниши билан, фаол тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, инновацион ғоя ва фаолиятни жадал ривожлантириш ҳамда фан ва технологиялар тараққиётини такомиллаштириш, мамлакатда инновацион ғоя ва технологияларни ривожлантириш ва уларни амалиётга жорий этиш борасидаги ёш олимлар ва талабалар ҳамда ташаббускор фуқароларнинг инновацион ғоя ва ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти натижаларини ва эришган ютуқларини муносиб тақдирлаш имконини беради.

“Инновацион ғоялар етакчиси” кўкрак нишонига лойиқ деб топилган ғолибларга ҳар йили Инновацион ғоялар ҳафталигида — “InnoWeek.Uz” топширилади.

Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректорлар ва илм-фан бўйича директор ўринбосарлари

Илмий тадқиқотлар билан ишлаб чиқариш тармоқлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг самарали механизмларини йўлга қўйишга, алоқаларни мустаҳкамлашга тўсиқ бўлаётган бир қатор муаммоларни бартараф этиш,олий таълим муассасалари илмий ишлари ва илмий-тадқиқот ташкилотлари тадқиқотларининг натижаларини тижоратлаштириш кўрсаткичларини ошириш мақсадида махсус тузилган комиссия томонидан илмий-тадқиқот муассасаларининг 24 нафар илм-фан бўйича директор ўринбосарлари ҳамда олий таълим муассасаларининг 78 нафар илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректорлари (жами 102) суҳбатдан ўтказилди ва лавозимларига тайинланди. Бундан ташқари фан ва таълимнинг интеграциясини таъминлаш мақсадида 7 нафар олимларимиз турли йўналишларда бир вақтда илмий тадқиқот муассасаларининг илмий ишлар бўйича директор ўринбосарлари ҳамда Олий таълим муассасаларининг илмий-ишлар ва инновациялар бўйича проректорлари лавозимларига тайинланди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 
17 апрелдаги “Қишлоқ ва сув хўжалиги давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази негизида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминотини илмий-ишлаб чиқариш маркази ташкил этилганлиги муносабати билан марказ тасарруфидаги 12 та илмий-тадқиқот институтларининг илм-фан бўйича директор ўринбосарларининг барчаси суҳбатдан ўтказилди ва лавозимларига қайта тайинланди.

Халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги - “InnoWeek.Uz”

Фан, таълим ва ишлаб чиқаришни интеграциясини кучайтириш, Ўзбекистонлик олимлар, талабалар ва ишлаб чиқарувчиларга дунёдаги мавжуд инновацияларни тақдим этиш, Республиканинг илмий-инновацион салоҳиятини намоён қилиб янада янги даражага кўтариш мақсадида 22-26 октябрь кунлари Халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги - “InnoWeek.Uz” ташкил этилди. Мазкур инновацион ғоялар ҳафталиги - “InnoWeek.Uz” доирасида халқаро интерактив инновациялар ярмаркалари ва халқаро инновацион-инвестицион форумлари ҳамда “Халқаро Роботехника танлови” ўтказилди.

Ҳафталикда 20 дан ортиқ хорижий давлатлардан олимлар, мутахассислар, экспертлар, инвесторлар, тадбиркорлар ва дипломатлар иштирок этишди. Ҳафталикка ташриф буюрганларнинг умумий сони 5278 тани ташкил этди.

Шунингдек, ҳафталик иштирокчилар томонидан ишлаб чиқилган ишланма ва маҳсулотлар 5 та сектор бўйича, ҳусусан, давлат бошқарувида 
11 та, қишлоқ хўжалиги 14 та, ижтимоий соҳада 14 та, иқтисодиётнинг реал секторида 11 та ишлаб чиқарилган инновацион маҳсулотлар, таклиф этаётган ишлар ва хизматлар ҳамда тижоратлаштириш бўйича 43 та илмий ва илмий-техник ишланмалар тақдимоти ўтказилди.

“InnoWeek.Uz” давомида хорижий ва маҳаллий ҳамкорлар билан инновацион технологияларни босқичма-босқич қўллаб-қувватлаш ва жорий этиб бориш учун жами 256 млн. доллар миқдоридаги тўғридан-тўғри инвестициялар киритиш бўйича келишувлар ва 2,1 млрд. сўм миқдорда савдо шартномалари имзоланди.

“International Robotics Challenge” халқаро робототехника мусобақаси

Инновация ҳафталигида республикамиз тарихида илк бор ташкил этилган “International Robotics Challenge” халқаро робототехника мусобақасида 9-16 ёшгача бўлган ўсмирлар ва 16-23 ёшдагилар ўртасида робототехника мусобақаси бўлиб ўтди. Ушбу тадбир доирасида умумий ҳисобда 64 та жамоа, шундан 40 та маҳаллий ва 24 та хорижий мамлакатдан ташриф буюришди.

Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий маркази

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 
6 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги биноси қурилишини, шунингдек, Инновацион ишланмаларни татбиқ этишнинг илмий-амалий маркази ва инновацион боғини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 276-сонли қарорига кўра Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида ташкил этилди.

“Яшнобод инновация технопарки дирекцияси” ДУК

Ҳукумат қарорига кўра, “Яшнобод” инновацион технопарки дирекцияси Давлат унитар корхонаси Тошкент шаҳар ҳокимлиги тасарруфидан чиқарилиб, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги тузилмасига ўтказилди.

Инновацион технопарк тузилмасида илмий ва инновацион лойиҳаларни тижоратлаштиришни қўллаб-қувватлаш учун бизнес инкубатор ташкил этилиши режалаштирилган. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида Илғор технологиялар маркази тузилмасида юқори технологияли кичик компаниялар учун мавжуд инфратузилма, лабораториялар ва асбоб-ускуналарни имтиёзли шартларда тақдим этган ҳолда Инновацион стартап-акселератор ва стартап-инкубатор ташкил этиши белгиланган. Ҳозирги кунда Вазирлик тузилмасидаги “Яшнобод” инновацион технопаркида 7 нафар резидент фаолият юритиб, улар томонидан 45 та иш ўрни яратилди ҳамда 649 минг АҚШ доллари миқдорида инвестиция жалб этилди. Ўз навбатида, кейинги йилда мазкур технопарк томонидан 24,3 млн. АҚШ доллари миқдорида инвестиция жалб этилиши ва 245 та иш ўрни яратилиши режалаштирилган.