Долзарб хабарлар

Ўзбекистонда Бошқарув инновациялари кунлари бўлиб ўтади

3–5 декабрда пойтахтимизда Бошқарув инновациялари кунлари бўлиб ўтади. Тадбир Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Ўзбекистондаги БМТ Тараққиёт дастури, Тошкентдаги Британия элчихонаси томонидан ташкил этилган.

Тадбирнинг мақсади – режалаштириш самарадорлигини ошириш, давлат сиёсатини татбиқ қилиш ва мониторинг қилиш мақсадида давлат бошқарувига инновацион ёндашувлар, услублар ва ечимларни жорий қилиш, синовдан ўтказиш ва ўрганиш, фуқаролар ҳамда корхоналар учун давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятларини ва сифатини яхшилаш.

Тадбирнинг муҳим жиҳатларидан бири бу юртимиз вазирликлари ва идораларининг раҳбар ходимлари ҳамда халқаро мутахассислар иштирокида “Давлат бошқарувида амалий инновациялар” мавзусидаги давра суҳбати ўтказилишидир. Мазкур кунлар доирасида, шунингдек, инновацион ривожланиш стратегияси, инновацион лабораториялар, ижодий фикрлаш, асосли сиёсат, маълумотлар асосида бошқариш, фойдаланувчилар талабларини инобатга олган ҳолда давлат хизматларини лойиҳалаштириш, шунингдек давлат бошқаруви самарадорлигини оширишга хизмат қиладиган воситаларни қўллаш борасида семинарлар, маърузалар, тақдимотлар ўтказилади.

Маърузачилар сифатида инновацион ривожланиш стратегиясини амалга ошириш, давлат бошқаруви, ижодий фикрлаш, асосли сиёсатни ишлаб чиқиш, аниқ маълумотлар асосида бошқариш, давлат хизматларини лойиҳалаш соҳасидаги маҳаллий ва халқаро мутахассислар таклиф этилган.

Тадбирларнинг асосий қисми Давлат бошқаруви академиясида бўлади. Шунингдек, хорижий мутахассисларнинг Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университети, Инха университети, Тошкентдаги Вестминстер университетига сайёр маърузалари ҳам режалаштирилган.