Долзарб хабарлар

Президент мамлакатда инсон капиталини ривожлантиришга барча куч ва имкониятларимизни сафарбар этишга чақирди

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов:

Президентимизнинг Олий Мажлисга бугунги мурожаатларини тинглаб, яна бир бор эртанги кунимизга катта ишонч пайдо бўлди. Мурожаатда қўйилган барча устувор вазифалар ва топшириқлар йил давомида янги вазирлик сифатида инновацион ривожланиш бўйича қўйган дастлабки қадамларимизнинг мантиқий давоми бўлишидан жуда руҳландим.

Айниқса, Президентимиз томонидан йилнинг “Фаол инвестиция ва ижтимоий ривожланиш” йили деб, белгиланиши 2018 йилда барча соҳаларда олиб борилган ишларни янада юксалтиришга имкон бериши шубҳасиз.

Жумладан, инвестициясиз инновация бўлмаслиги аниқ, ва ижтимоий қатлам ривожланиб, экотизим яратилмас экан, инновациялар ҳақида орзу қилмаса ҳам бўлаверади.

Мурожаатда муҳтарам Президентимиз мамлакатда инсон капиталини ривожлантиришга барча куч ва имкониятларимизни сафарбар этиш топшириғини бердилар. Бу, албатта, мактабгача таълимдан тортиб, умумий ва олий таълим ҳамда илмий фаолиятни такомиллаштириш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш вазифасини қўяди.

Бевосита вазирлигимизга тегишли ва Президентимиз томонидан қўйилган топшириқлардан бири ОТМларда қамровни ҳозирги 9 фоизли кўрсаткичдан 2019 йили 20% фоизга ошириш, кейинчалик бу кўрсаткични янада ошириш, қабул квоталарини олий ўқув муассасалари томонидан мустақил белгиланиши ва абитуриентларга бир вақтнинг ўзида бир неча ОТМларга ҳужжат топшириш тизимини ишлаб чиқиш бўлди. Қанча малакали мутахассислар кўпайса, шунча инновацион ривожланиш бўлади. Бу Ўзбекистоннинг инновацион ривожланиш стратегиясида ҳам асосий йўналиш сифатида белгилаб берилган.

Шунингдек, мурожаатда ОТМлар илмий салоҳиятини янада ошириш, тармоқлардаги илмий-текшириш институтларини такомиллаштириш, конструкторлик бюролари ва инновация марказларини кўпроқ ташкил қилиш бўйича аниқ вазифа берилди.

Энг муҳими, энди инвестицияларни нафақат иқтисодиёт тармоқларига, балки илмий ишланмалар ва инновацияларни қўллаб-қувватлашга йўналтириш вазифаси қўйилди ва бу борада вазирлик ўз таклифларини ишлаб чиқади.

Юқори технологияли, инновацион маҳсулотларни ишлаб чиқариб, экспорт қилувчи корхоналарга қулай иқтисодий шароитлар яратилиши лозимлиги ҳам бугунги куннинг энг муҳим талабларидандир. Республикамиз учун ҳали янги бўлган бу соҳани ривожланиши учун қўллаб-қувватлаш жуда муҳимдир.

Бундан ташқари, вазирлигимизга фермерларни инновацион технологиялардан фойдаланишларини таъминлаш, инновацияларни қишлоқ хўжалигига жорий қилиш усулларига ўқитиш, уларнинг малакасини ошириш вазифаси ҳам топширилдики, бу борада ҳам қатор ишларни амалга оширишимиз лозим. Пахта-тўқимачилик кластерлари қаторида уруғчилик кластерларини ҳам ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратишимиз кераклигига ҳам мурожаатда қайд этилди. Бу борада шу соҳада фаолият юритаётган илмий-тадқиқот институтларининг фаолиятини янада жадаллаштириш лозим.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда айтиш мумкинки, Президентимиз томонидан мурожаатда белгиланган устувор вазифалар охирги икки йилда янги ташкил топган “Инновацион Ўзбекистон”нинг 2019 йилдаги асосий “драйвери” бўлади.