Долзарб хабарлар

Фарзандингиз Google танловида иштирок этишини истайсизми?

Инновацион ривожланиш вазирлиги Республика “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва “Jons English academy” НТМ билан ҳамкорликда технологик авлодни ривожлантириш бўйича Generation z Lab лойиҳасини жорий қилмоқда.

Лойиҳа муаллифлари - Technovation Challenge 2018 йирик халқаро танлов финалига чиққан жамоа раҳбарлари бўлиб, мазкур жамоа АҚШ нинг Кремний водийсида Ўзбекистон номидан технологик танловда иштирок этди. Олинган тажрибани бўлишиш мақсадида “Jons English academy” НТМ ёшларни халқаро IT лойиҳаларга жалб қилиб, уларни халқаро технологик танловларда иштирок этишга тайёрлайди.

Бугунги кунгача шу каби йирик танловлар ҳақидаги маълумот мамлакатимизда деярли тарқатилмасди. Дастурда иштирок этиш учун иштирокчидан техник кўникмалар ёки махсус таълим талаб қилинмайди. Унда 10-18 ёшдаги болалар иштирок этиши ва 18 ёшга етган ёшлар мураббий сифатида ўз кучини синашлари мумкин. Ушбу дастур Google, Apple каби йирик компаниялар томонидан молиялаштириладиган халқаро технологик лойиҳаларда иштирок этиш йўли билан ёш авлодни STEM (S – science (табиий фанлар), T – technology (технологиялар), Е-engineering (муҳандислик), М-mathematics (математика) га жалб қилиш учун ишлаб чиқилган. Асосий совринлар – пул мукофоти, Кремний водийсига саёҳат ва лойиҳани халқаро аудиторияга намойиш этиш.

Дастур иштирокчилари қуйидаги халқаро танловларда иштирок этиш имконига эга бўлади:

Google Science Fair – 13-18 ёшли болалар учун Google компаниясининг илмий лойиҳалар танлови. Унда болалар жамиятдаги бирон муаммони кўтариб чиқиб, уни технологиялар ёрдамида ечишга ҳаракат қилишади. Ғолиб бўлган жамоа 50 000$ миқдорида грант ва бошқа совринларни қўлга киритишади. 2018 йилда 20 халқаро финалчилар Google нинг бош офисига ташриф буюриш имконига эга бўлишди.

https://www.googlesciencefair.com/

 

The Clean Tech Competition – юқори синф ўқувчилари учун танлов, унда болалар экологик тоза энергия манбаларини интеграция қилган ҳолда илмий ёндашувлар ёрдамида реал муаммоларни ечишади. Финалга чиққан 6 та жамоа 10 000$, 7000$, 5000$, 1000$ миқдорида пул ютуқларини олади. 2018 йилда танловда 39 мамлакатдан 1100 нафар болалар, 550 жамоа иштирок этди.

https://www.cstl.org/cleantech/

 

Дастурда рўйхатдан ўтиш учун қуйидаги ҳавола орқали ўтинг:

https://goo.gl/forms/919CUifNLl8zU2UN2

Қўшимча маълумот олиш учун Инновацион ривожланиш вазирлиги, шунингдек Республика “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг республика бошқаруви ва ҳудудий бошқармаларига мурожаат қилинг.

Лойиҳа координаторлари: 95 1449442, 97 4405318

E-mail: generationzet2018@gmail.com

Ўтган йили “Technovation Challenge 2018” танловида иштирок этган ғолиблар ўз фикрлари билан бўлишди.

 

Сагиндикова Тамила, 10 ёш: “Танлов ҳақида онамдан эшитдим. Бундай танловлар бутун дунёдаги қизларга ўз техник маҳоратларини ривожлантиришга ёрдам беради. Бизнинг жамоамизга энг яхши устозлар мураббийлик қилди. Танлов туфайли дастурлаш, презентациялар қилиш, саҳнада чиқишни ўргандим. Кремний водийсида NASA, Google каби йирик компанияларнинг офисларида бўлдик. Келажакда ҳам компьютер технологияларини ўрганишни хоҳлайман”.

Шарифжонова Севинч, 12 ёш: “Халқаро танловда иштирок этиш бизга катта тажриба берди. AMD, Google ва NVIDIA каби йирик компания ходимлари билан мулоқот қилиш бизда катта таассурот қолдирди. Биз уларнинг тарихи билан яқиндан танишдик, ривожланиш учун барча қийинчиликларни енгиш қанчалик муҳимлигини ўргандик. Мазкур лойиҳа ҳаётимдаги энг кучли стартап бўлди”.

Ахророва Муслима, 13 ёш: “Мен ҳам “Generation Z” жамоаси билан халқаро танловда иштирок этдим. Америкага бориш энг катта орзуларимдан бири эди. Сафар чоғида АҚШ га дунёнинг барча нуқталаридан келган қизлар билан танишдим. Сан-Францисконинг энг машҳур жойларида бўлдим, IT соҳаларида катта тажрибага эга бўлдим. Танловдаги иштирокимдан сўнг дастурлаш билан фаол шуғуллана бошладим. Ҳозирда мен App Inventora да иловалар ва махсус дастур кодлари ёрдамида оддий сайтлар ярата оламан.

 

Инновацион ривожланиш вазирлиги 

Матбуот хизмати